Қозоғистондаги тартибсизликларда 14 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олингани сабаб Ўзбекистон нота юборди
Қозоғистондаги митинглар пайтида 14 нафар ўзбекистонлик қўлга олингани ва улар тергов изоляторида сақланаётгани туфайли Ўзбекистон томони Қозоғистон ТИВга бу борада тўлиқ маълумот бериш ҳамда консуллик учрашувини ташкил этишни сўраб тегишли нота юборди.
Эслатиб ўтаимз, Қозоғистонда январь ойида юз берган оммавий тартибсизликлардан сўнг Ўзбекистоннинг 14 нафар фуқароси қўлга олингани ва ҳамон ҳибсда қолаётганини Қозоғистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсмани Элвира Азимовага асосланиб, Tengrinews хабар берди деб хабар қилмоқда Кун сайти.
«Айни вақтда оммавий тартибсизликлар сабаб ҳибсга олинган ва тергов изоляторларида 18 нафар хориж фуқароси сақланмоқда. Уларнинг 14 нафари — Ўзбекистон, икки нафари — Россия, қолган икки нафари эса Қирғизистон фуқаросидир», деган омбудсман.
У ҳибсга олинганлар сақланаётган ёпиқ муассасалар мониторингини ҳам эълон қилган. Унга кўра, дастлабки кунларда вақтинчалик сақлаш изоляторлари ва қўлга олинганлар етказилган қўшимча биноларда ҳибсга олинганлар кўплиги туфайли ичимлик суви ва озиқ-овқатдан ўз вақтида фойдалана олмаслик ҳолатлари билан боғлиқ муаммолар кузатилган, кейинроқ вазият яхшиланган.
Ўзбекистон ТИВ расмийси хабар беришича, Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонаси Қозоғистон ТИВига нота йўллаган.
«Ушбу хабарга ойдинлик киритиш учун Ўзбекистоннинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонаси Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳибсга олинган Ўзбекистон фуқаролари, улар сақланаётган жойлар, жавобгарликка тортилиш сабаблари тўғрисида тўлиқ маълумот бериш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Қозоғистон Республикасидаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун консуллик учрашувини ташкил этишни сўраб тегишли нота юборди», дейилади хабарда.