Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар сони 1 859 нафарга етди
-
Украинадан эвакуация қилинган ўзбекистонликлар сони 1 859 нафарга етди
Ўзбекистон ТИВ Украинадан Польша орқали эвакуация қилинган Ўзбекистон фуқаролари сони 1 859 нафарга етганини хабар қилди.
Март ойи аввалларида Uzbekistan Airways АЖнинг учта самолёти билан 671 нафар Ўзбекистон фуқароси Польшанинг Катовице аэропорти орқали Украинадан эвакуация қилинган. Улар орасида 129 аёллар, 82 болалар ва 14 чақалоқлар бор.
Умумий ҳисобда Украинадан Польша ҳудуди орқали саккизта авиарейслар билан 1 859 нафар Ўзбекистон фуқароси олиб келинган. 3 март куни яна бир неча эвакуация қатновини ташкил этиш режалаштирилган деб хабар қилган Дарё сайти.
Польша ҳудудида Ўзбекистоннинг 1100 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. Улардан 550 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, 550 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси томонидан жанговар ҳаракатлар кетаётганига қарамай, фуқароларни эвакуация қилиш ишлари давом эттирилмоқда.