Вашингтонда Абдулазиз Комилов ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг музокаралари бўлиб ўтди
(last modified Thu, 10 Mar 2022 08:28:03 GMT )
март 10, 2022 13:28 Asia/Tashkent
  • Вашингтонда Абдулазиз Комилов ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг музокаралари бўлиб ўтди
    Вашингтонда Абдулазиз Комилов ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг музокаралари бўлиб ўтди

Ўтган йили декабрь ойида бўлиб ўтган Стратегик шериклик мулоқотининг илк учрашуви якунлари бўйича эришилган келишувларга мувофиқ, 6-9 март кунлари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация АҚШга ташриф буюрди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Вашингтонга ташрифи доирасида АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокаралар ўтказган. Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ҳамда стратегик шериклик муносабатларининг 20 йиллиги муносабати билан ўзаро табриклар алмашилган. Абдулазиз Комилов ва Энтони Блинкен Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболлари, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашнинг долзарб масалалари, жумладан, қўшни Афғонистондаги гуманитар вазиятни ҳам муҳокама қилган. C5+1 шакли доирасида минтақавий ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига алоҳида эътибор қаратилган деб хабар қилган Дарё сайти.

«Бугун ташқи ишлар вазири Комилов билан яхши учрашув бўлди. Ўзбекистонга Украина ва Афғонистонга кўрсатаётган инсонпарварлик ёрдами учун миннатдорчилик билдириб, Ўзбекистоннинг ислоҳотлар дастурини, унинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигини қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқладим», — деб ёзган Блинкен ўзининг Twitter’даги саҳифасига.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Америкада бўлиши давомида АҚШ администрацияси вакиллари, Конгресс аъзолари, Америка ишбилармон ва илмий доиралари вакиллари билан ҳам учрашув ҳамда музокаралар ўтказган.