ЕТТБ Ўзбекистонга 210 миллион долларлик лимит тақдим этади
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Ўзбекистоннинг тўртта маҳаллий банк ўртасидаги савдони молиялаштириш тўғрисидаги битим хусусий маҳаллий бизнес, жумладан, кичик ва ўрта корхоналарга (КЎБ) зарур товарлар, хизматлар ва ускуналарни импорт қилиш ҳамда ўз маҳсулотларини экспорт қилиш имконини беради.
Анҳор сайтига кўра, савдони ривожлантиришга кўмаклашиш дастури (СРКД) доирасида тўртта маҳаллий банк учун 210 миллион АҚШ доллари миқдоридаги янги доимий лимитлар ўзбекистонлик импортер ва экспортчиларга Украинадаги вазият ҳамда унинг Россия ва Марказий Осиёга таъсири туфайли савдо ва маҳсулот етказиб беришдаги узилишларни енгишда кўмаклашади.
СРКД доирасида “Асакабанк” учун 60 миллион доллар, “Ипотека банк” учун 30 миллион доллар, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки (ЎзМБ) учун 40 миллион доллар ва “Ўзсаноатқурилишбанк” (ЎзСҚБ) учун 80 миллион доллар миқдоридаги янги доимий лимитлар Ўзбекистон корхоналарига товар-моддий бойликларни яхшироқ бошқариш ва узоқ муддатли савдо даврларини режалаштириш имконини беради.
Ўзбекистондаги энг йирик тўртта молия институтининг бутун мамлакат бўйлаб 170 дан ортиқ филиаллари мавжуд бўлиб, минглаб хусусий тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатади. Улар маҳаллий фирмаларнинг ташқи савдо фаолиятини рағбатлантириш ва муҳим импорт ва экспортни қўллаб-қувватлаш учун яхши мавқега эга.