Ўзбек-қирғиз чегарасида яна отишма. Икки қирғизистонлик ҳалок бўлди
Қирғизистон—Ўзбекистон давлат чегараси участкасида 5 апрель куни қурол қўллаш билан боғлиқ ҳодисада икки қирғизистонлик ҳалок бўлди.
Жалолобод вилояти Ахси тумани Дейрес қишлоғида қирғизистонлик бир неча фуқаро Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний равишда юк олиб ўтмоқчи бўлган. Улар Ўзбекистон ҳудудидаги давлат чегара чизиғидан 500 метр узоқликда Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати чегара хизмати ходимлари томонидан аниқланган. Контрабандачилар ўзбек чегарачиларининг тўхташ ҳақидаги талабларига бўйсунмаган деб хабар тарқатган Дарё сайти..
Қўшни давлат фуқароларини ҳибсга олиш вақтида жанжал келиб чиққан. Ўзбекистон чегарачилари ўз ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолиш мақсадида қурол ишлатган, оқибатда икки фуқаро ҳаёт учун хавфли тан жароҳатлари олиб, ҳалок бўлган. Қолган жиноятчилар Қирғизистон ҳудудига қочишга муваффақ бўлган.
Ўзбекистон чегарачиларининг маълум қилишича, Қирғизистон фуқаролари қиймати 20 минг доллардан ортиқ бўлган контрабанда юкини олиб ўтмоқчи бўлган.
Кейинчалик маълум бўлишича, ҳалок бўлган фуқаролар ўзбекистонлик бўлган, бироқ 2012 йилда Қирғизистон фуқаролигини олган. Улар Ўзбекистон паспортини ўзлари билан олиб юрган.
«Воқеа жойига борган Қирғизистон ва Ўзбекистон чегара вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтган. Чегара вакиллари воқеа юзасидан ҳар бир томон ўз текширувини ўтказишига келишиб олган», — дейилади хабарда.