Владимир Норов ШҲТ бош котиби билан учрашди
(last modified Tue, 17 May 2022 05:34:35 GMT )
май 17, 2022 10:34 Asia/Tashkent
  • Владимир Норов ШҲТ бош котиби билан учрашди
    Владимир Норов ШҲТ бош котиби билан учрашди

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Тошкентга келган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) бош котиби Чжан Мин билан мулоқот қилди.

Суҳбат чоғида Ўзбекистон билан ШҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислигидаги тадбирларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди. Томонлар Ўзбекистон раислигида ташкилотнинг шу кунгача 40 дан ортиқ тадбирлари муваффақиятли ўтказилганини қайд этди ҳамда жорий йилнинг май-сентябрь ойларига мўлжалланган юқори даражадаги учрашувларнинг ташкилий масалалари ва кун тартибини муҳокама қилдилар.

Таъкидланишича, Ўзбекистон ташаббуси билан ШҲТ доирасидаги ҳамкорликнинг янги йўналишлари йўлга қўйилган бўлиб, улар Ташкилот кун тартибини замонавий воқеликни ҳисобга олган ҳолда бойитишга хизмат қилмоқда. Хусусан, ШҲТга аъзо давлатларнинг ахборот-коммуникация технологиялари, камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича илк бор вазирлар йиғилишлари ташкиллаштирилди. 17 май куни эса Тошкент шаҳрида ўсимликлар карантини бўйича масъул идоралар раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.

ШҲТ бош котиби асосий воқеа – 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган ШҲТга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисига тайёргарлик кўриш, Самарқанд саммитини мазмунан бойитиш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ишларни юксак баҳолади.

Музокараларда халқаро ва минтақавий кун тартибининг айрим масалалари, жумладан, Афғонистондаги мавжуд вазият ҳам кўриб чиқилди.