Душанбедан Тошкентга 30 йил ичида биринчи йўловчи поезди етиб келди
21 июнь куни “Тошкент-Марказий” темир йўл вокзалига 30 йил ичида биринчи марта Душанбе шаҳридан йўловчи поезди етиб келди
“Душанбе-Тошкент” йўналишидаги поезд кеча кечқурун йўлга чиқди. Поезднинг Душанбедан жўнаб кетишининг тантанали маросимида Тожикистон транспорт вазири Азим Иброҳим ҳам иштирок этди.
Биринчи рейс билан транспорт бошқармалари вакиллари, Тожикистон темир йўл саноатининг таниқли ходимлари ва уларнинг оила аъзолари Ўзбекистонга етиб келди.
Поездни тантанали кутиб олиш маросимида Тожикистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Абдужаббор Раҳмонзода ҳам иштирок этди деб хабар қилди Спутник сайти.
Маросимда Ўзбекистон транспорт вазири ўринбосари Абдусамат Мўминов сўзга чиқиб, темир йўлда йўловчи ташишнинг қайта тикланиши халқлар ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлашини айтди.
Халқаро йўловчи поезди Душанбе—Қудуқли—Сариосиё—Қумқўрғон—Дарбанд—Деҳқонобод—Қарши—Самарқанд—Жиззах—Гулистон—Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига бир марта ҳаракатни амалга оширади. Душанбедан Тошкентгача бўлган масофа 916 километрни ташкил қилади. Йўловчилар 21 соат ичида ўз манзилларига етиб олишлари мумкин. Таркибни Тожикистон темир йўлчилари назорат қилиб боради.
Поезд Душанбедан ҳафтанинг ҳар душанба куни жўнаб кетади ва Тошкентга сешанба куни соат 13:43 да етиб келади. Шунингдек, сешанба куни Тошкентдан маҳаллий вақт билан соат 16:15 да жўнаб, чоршанба куни Душанбега етиб боради.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ маълумотларига кўра, икки давлат ўртасидаги йўловчи темир йўл ҳаракати 1990 йиллар бошида Тожикистондаги фуқаролар уруши туфайли тўхтаб қолган.