Қорақалпоғистон республикасида фавқулодда ҳолат эълон қилинди
(last modified Sun, 03 Jul 2022 04:54:07 GMT )
июл 03, 2022 09:54 Asia/Tashkent
  • Қорақалпоғистон республикасида фавқулодда ҳолат эълон қилинди
    Қорақалпоғистон республикасида фавқулодда ҳолат эълон қилинди

Қорақолпоғистонда Фавқулодда ҳолат 1 ой давом этади ва бу даврда соат 21:00 дан 7:00 гача комендантлик соати амал қилади.

Ўзбекистон  президенти фармони билан фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни тиклаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида 3 июл соат 00:01 дан 2 август соат 00:00 гача фавқулодда ҳолат жорий этилди.

Фавқулодда ҳолат даврида соат 21:00 дан 7:00 гача комендантлик соати амал қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг комендатураси ташкил этилиб, унга “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги конституциявий қонунида назарда тутилган барча ваколатлар берилди. Миллий гвардия қўмондони Рустам Жўраев Қорақалпоғистон коменданти этиб тайинланди деб хабар қилган Кун сайти.

Нукус шаҳрида 1 июл куни оммавий митинг бўлиб ўтганди. Расмийлар маълумотига кўра, бунга айрим фуқаролар конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилгани сабаб бўлган.

Шу куни оқшомда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Нукусда жамоат тартиби тиклангани, фуқароларнинг қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўймаслиги ва барча мурожаатлари ўрнатилган тартибда кўриб чиқилиши бўйича тушунтириш ишлари олиб борилаётганини маълум қилди. 

2 июл куни Қорақалпоғистон парламенти, ҳукумати ва Ички ишлар вазирлиги қўшма баёнот чиқариб, 1 июл куни бир гуруҳ шахслар фуқароларни Қорақалпоғистон Республикасининг маъмурий бинолари олдига йиғиб, бу биноларни эгаллаб олишга уринганини таъкидлади.