Шавкат Мирзиёев: қорақалпоқистонликлар норози бўлса биронта модда ўзгармайди
Шавкат Мирзиёев Нукус шаҳрида видеоселектор йиғилишини ўтказиб, барча туманлар билан мулоқот қилди.
Шавкат Мирзиёев Нукусда тартибсизликлар рўй бергач, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси аъзолари билан учрашувда уларга эътироз билдирди ва қорақалпоқ халқининг розилигисиз Ўзбекистон Конституциясининг 70-75-моддаларига бирорта ўзгартириш киритилмаслигини айтди.
“Салгина эътирозим, ўзларинг бош бўлиб, ўзларинг ташаббус билан чиқиб, ўзларинг қўл қўйиб, ўзларинг сўзга чиқиб, ўзларинг тасдиқлагансизлар.
[...] Мен ҳар доим очиқман-ку, нега телефон қилиб айтмадинг, одамлар мана шундай норизо ва ҳоказо деб. Мен ҳам одамман-ку, менга ҳам Қорақалпоғистоннинг эртанги куни, тинчлиги керак-ку. Шунча қилган меҳнатимизни шарманда қилиш кимга керак?
Мақсад-муддаомиз нима ўзи? Мақсад-муддаомиз – ватанимизда ҳар бир одам миллатидан, элатидан, тилидан, динидан қатъи назар ўзини эркин тутиб, эмин-эркин яшаши.
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳрида бўлиб турибди
Мирзиёев шунингдек, видеоселектор йиғилиши ўтказилиб, барча туманлар билан мулоқот қилинди. Туман ҳокимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан ахборот берди.
Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий этилган эди. Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудининг коменданти ушбу ҳолат бўйича ахборот бериб, вазият тўлиқ назоратга олинганини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев 3 июл куни Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесида депутатлар, фахрий ва фаоллар билан учрашувда ҳам "Денгизнинг қуриган қисмида 1 миллион 733 минг гектар майдонда яшил ҳудудлар барпо этилди. Оролбўйи ҳудудининг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини тиклаш бўйича беш йиллик миллий дастур ишлаб чиқилмоқда. Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масаласи биринчи марта давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Юксак халқаро минбарлардан доимо Орол муаммосига жаҳон жамоатчилиги эътиборини қаратиб келмоқдамиз.
Тўлиқ ишонч билан айтаманки, Қорақалпоғистонда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар бундан буён ҳам албатта изчил суръатларда давом эттирилади.
Чунки Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири, қорақалпоқ халқининг бахти ва фаровонлиги – бу бутун ўзбек халқининг бахти ва фаровонлигидир.
Мен ҳаёт синовларида тобланган қорақалпоқ халқининг донишмандлигига ишонаман ва уларни ақл-идрок билан иш тутишга, турли хил, жумладан, четдан бўлаётган ғаразли чорлов ва ҳаракатларга алданмаслик, уларнинг қурбонига айланмасликка чақираман.
Айирмачиликка, оммавий тартибсизликларга, ҳокимият органларига зўравонлик йўли билан қаршилик кўрсатишга даъват этадиган ҳар қандай ҳаракатларга амалдаги қонунчиликка мувофиқ кескин чора кўрилади, айбдорлар эса муқаррар жазога тортилади деб айтди.