Мирзиёев Самарқандда қурилаётган 10 минг ўринли масжид жойига борди
Шавкат Мирзиёев бугун, 15 июль куни Имом Бухорий қабрини зиёрат қилди. Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди
Самарқандда Имом Бухорий мажмуа қуриш ишлари кетмоқда. Қарийб 10 минг намозхонга мўлжалланган масжид, тўртта минора, айвонлар барпо этилмоқда. Мажмуа ёнида меҳмонхоналар, автотураргоҳ, автобекат, ошхоналар, савдо расталари, таҳоратхоналар қурилади.
Ўзбекистон президенти, шу борадаги ишларни кўздан кечирган, зиёратчиларга барча қулайликларни яратиш бўйича кўрсатмалар берган.
“Иншооллоҳ, бу мажмуа очилганидан кейин зиёратчилар янада кўпаяди. Айниқса, нуронийлар кўп келади. Улар учун барча қулайликларни инобатга олиш керак. Бу жой нафақат диний ва маърифий, балки улкан маданий марказ ҳам бўлиши зарур. Шу боис энг яхши гулчиларни олиб келиб, мажмуани қишин-ёзин гулзор қилиб қўйиш керак”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Буткул янгича қиёфа касб этаётган мажмуа зиёрат туризмининг йирик марказларидан бирига айланиши учун барча имкониятлар мавжудлиги, улардан самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди деб хабар қилган Қалампир сайти.