Владимир Норов Хитой ТИВ раҳбари билан мулоқот қилди
(last modified Fri, 29 Jul 2022 08:56:55 GMT )
июл 29, 2022 13:56 Asia/Tashkent
  • Владимир Норов Хитой ТИВ раҳбари билан мулоқот қилди
    Владимир Норов Хитой ТИВ раҳбари билан мулоқот қилди

Бугун 28 июлда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари Кенгаши мажлисида иштирок этиш учун мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ташқи ишлар вазири Ван И билан учрашди.

Хитой ТИВ раҳбари, Ван И Янги Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсат соҳасидаги муваффақиятларини юқори баҳолади. Хусусан, Хитой томони ҳар томонлама стратегик шерик сифатида Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ислоҳот ва янгиланишлар йўналишини қатъий ва изчил қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ва бошқа кўплаб соҳаларда Ўзбекистон ва Хитой ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди деб хзабар қилган Юз.уз.

Икки давлат раҳбарларининг қатъияти ва сиёсий иродаси туфайли кейинги йилларда Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар мисли кўрилмаган ўсиш суръатини намоён этиб, янги амалий мазмун билан бойигани мамнуният билан қайд этилди. Томонлар олий даражада эришилган келишувларни ҳар томонлама ва сифатли амалга ошириш, жаҳон миқёсида бир-бирини қўллаб-қувватлашни давом эттириш, икки мамлакат халқлари фаровонлиги йўлида ҳамкорликнинг янги уфқларини белгилашга интилиши тасдиқланди.

Савдо, транспорт-логистика, тиббиёт ва фармацевтика, ахборот-коммуникация технологиялари, экология ва қишлоқ хўжалиги, туризм, фан ва таълим соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиришга оид аниқ таклифлар кўриб чиқилди. Хусусан, Ўзбекистон-Хитой товар айирбошлаш ҳажмини 10 миллиард долларга етказиш бўйича биргаликда самарали чора-тадбирлар кўриш зарурлиги қайд этилди. Хитой -Қирғизистон -Ўзбекистон темир йўли қурилиши бўйича кўп томонлама ишларни жадаллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон ва Хитой икки томонлама ва кўп томонлама шаклларда режалаштирилган тадбирларнинг ташкилий-техник ва мазмуний жиҳатлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

2022 йил 28-29 июль кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва 2022 йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилишларига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Ван И Хитой томони Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги ва унинг доирасида ўтказилаётган тадбирларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини маълум қилди.