Ўзбекистон ва Миср ўртасида учта соҳада инвестиция лойиҳалари амалга оширилади
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Миср элчисини қабул қилди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари вазифасини бажарувчи Владимир Норов Мисрнинг мамлакатдаги элчиси Амира Фаҳмини қабул қилди.
Владимир Норров ва Амира Фаҳмининг учрашувида, олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш юзасидан томонлар биргаликда чоралар кўришга тайёрлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, келажакдаги тадбирлар жадвали, Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон ва Миср ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши ва икки мамлакат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувлар навбатдаги давраси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.
Бундан ташқари Иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш истиқболлари, ишбилармон доиралар бевосита алоқаларини рағбатлантириш, бизнес-форумларни ташкил этиш, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.
Бошқа хабарга кўра, Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансур Қиличев мамлакат мустақиллиги 31 йиллиги, Ўзбекистон ва Миср ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилгани 31 йиллиги муносабати билан MENA ахборот агентлиги мухбирига интервью берди.
Ўзбекистон элчиси ноябрь ойида Шарм аш-Шайх шаҳрида бўлиб ўтадиган COP-27 иқлим конференциясида юқори даражадаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этиши режалаштирилаётгани, 15-16 сентябрда Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммитида Миср делегацияси ҳам иштирок этиши кутилаётганини билдирган. Тадбир доирасида Миср ШҲТ мулоқот бўйича ҳамкори мақомини олиши кутилмоқда.