Владимир Норов БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида нутқ сўзлади
Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит яратилганини Владимир Норов Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида сўзлаган нутқида маълум қилди.
Владимир Норов, Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказила бошланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари механизми минтақавий ҳамкорликдаги янги даврининг ёрқин тимсолига айланганини таъкидлади.
Ўтган июль ойида бўлиб ўтган маслаҳат йиғилишида XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида тарихий шартнома қабул қилинди.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари шунингдек, Ўзбекистон дунё ҳамжамияти томонидан Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро яқинлашув ва ҳамкорлик жараёнларини, минтақанинг глобал иқтисодий ва транспорт алоқаларига интеграциялашувини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланишига умид билдирмоқда деб қўшимча қилди..
Норов жорий йилнинг март ойида Тошкент шаҳрида БМТ бош котиби кўмагида ўтказилган БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини Марказий Осиёда амалга оширишга бағишланган халқаро конференция сермаҳсул бўлганини қайд этди.
“Форум натижаларини инобатга олган ҳолда, биз Глобал стратегияни муваффақиятли амалга ошириш ва янгиланган қўшма ҳаракатлар режасининг бажарилишини доимий мониторинг қилиш мақсадида Марказий Осиёда БМТ Аксилтеррор бошқармасининг минтақавий офисини очишни таклиф қиламиз, - деди Ўзбекистон ТИВ раҳбари.