Ўзбекистоннинг 2017 йилги Давлат бюджети қабул қилинди
Ўзбекистоннинг 2017 йилги Давлат бюджети қабул қилинди
Бюджет иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш, хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилиш ҳисобидан юқори иқтисодий суръатларни таъминлаш вазифасини назарда тутади
ТОШКЕНТ, 28 окт – Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Бюджетномаси – Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаларини кўриб чиқдилар, дейилади Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабарида. Хабарда билдирилишича, келгуси йил солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари лойиҳаси солиқ юкини янада камайтириш, солиқ тизимини соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини яхшилаш, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақалар ва стипендиялар миқдорини янада оширишни, бюджет маблағларини самарали режалаштиришга, улардан фойдаланишнинг натижадорлигини оширишга ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутади. 2017 йилги Давлат бюджети лойиҳаси солиқ ва бюджет сиёсатида қабул қилинган асосий йўналишлар ва келгуси йилда кутилаётган асосий макроиқтисодий кўрсаткичларга таянган ҳолда, ялпи ички маҳсулот — 7,8 фоизга, саноат маҳсулотлари — 6,9 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш — 6,2 фоизга ва капитал қўйилмалар — 9,6 фоизга ўсиш мўлжалланмоқда. Келгуси йилда мамлакат иқтисодиётига солиқ юкини ялпи ички маҳсулотга нисбатан жорий йилдаги 20,2 фоиздан 18,9 фоизгача камайтириш кўзда тутилмоқда.
2017 йилги Давлат бюджети харажатлари 46,9 трлн. сўм миқдорида, Давлат мақсадли жамғармаларининг харажатлари 25,6 трлн. сўм миқдорида мўлжалланган. Давлат бюджети параметрларида (Давлат мақсадли жамғармаларисиз) режалаштирилган харажатлар кутилаётган даромадлардан 2,5 трлн. сўмга кўп, яъни тақчиллик ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,0 фоизни ташкил этади. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи, мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёев сўзга чиқди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг 2017 йилги Давлат бюджетини ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.