Тошкент шаҳридаги конференцияда яна Афғонистон масаласи муҳокама қилинди
Тошкент шаҳрида кеча «Афғонистон: минтақавий боғлиқлик, хавфсизлик ва ривожланиш» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Эслатиб ўтамиз, бу форум июль ойида Тошкент шаҳрида олий даражада ўтказилган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусидаги халқаро конференциянинг мантиқий давоми бўлиб, у томонларнинг Афғонистоннинг ривожланиши ва хавфсизлигини мустаҳкамлаш борасидаги фикрлари муштарак эканини тасдиқлаган.
Тадбир Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ташкил этилган.
Тошкент шаҳридаги учрашувда Афғонистон, Покистон, Эрон, Россия, Туркия, Озарбайжон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон ҳамда Ўзбекистон хавфсизлик органлари ва разведкавий хизматлари делегациялари иштирок этган.
Халқаро анжуман якунида иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан ўзаро манфаатли ҳамкорлик бўйича йўналишлар ва аниқ вазифалар белгилаб олинди, шунингдек, глобал ҳамда минтақавий хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган терроризмга қарши биргаликда қатъий курашишга келишиб олинган.