Ўзбекистон ёрдамида Афғонистондаги Мозори-Шариф аэропорти қайта тикланди
Ўзбекистон Афғонистоннинг Мавлоно Жалолиддин Балхий номидаги Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш бўйича техник ёрдам кўрсатди.
Афғонистоннинг Мавлоно Жалолиддин Балхий номидаги Мозори-Шариф халқаро аэропорти фаолиятини тиклаш бўйича техник ёрдам кўрсатиш жараённинг якунига бағишланган тантанали маросим 25 октябрь куни бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, "Ўзавиация" агентлиги, "Ўзаэронавигация маркази", Uzbekistan Airports, Ўзгидромет ва бошқа тузилмалар вакиллари иштирок этган деб хабар қилган Уз.а.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ёрдамида аэропортда ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатиш, парвозни радиотехник жиҳатдан таъминлашга эришилган.
Техник таъминлаш йўналиши бўйича Мозори-Шариф аэродромининг учиш-қўниш йўлаги қопламаси, ҳаво кемалари учун бурилиш йўлаклари ва тўхтаб туриш жойларидаги белгилар бўёғи тўлиқ янгиланган. Қолаверса, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ томонидан ҳудуднинг электр ва ёруғлик-техник таъминоти замонавий талаб даражасига келтирилган.
Тадбирда аэропортнинг қурилиши тугалланган объектларини фойдаланишга топшириш ва фаолиятни тиклаш учун зарур жиҳозларни қабул қилиб олиш ҳужжати имзоланди.