декабр 02, 2022 12:36 Asia/Tashkent
  • ЮНЕСКО: Ўзбекистон номоддий маданий меросининг яна иккита элементи рўйхатига киритилди
    ЮНЕСКО: Ўзбекистон номоддий маданий меросининг яна иккита элементи рўйхатига киритилди

Ўзбекистон номоддий маданий меросининг яна иккита элементи ЮНЕСКО рўйхатига киритилгани Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар қилди.

Марокаш давлатининг Работ шаҳрида бўлиб ўтаётган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича Ҳукуматлараро қўмитанинг 17-сессияси Ўзбекистон учун муҳим маданий воқеа бўлди.

Ўзбекистон томони иштирокида иккита кўпмиллатли элемент ЮНЕСКО-Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди.

Ўзбекистон томонидан Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан биргаликда “Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш” номли биринчи файл тақдим этилди.

Иккинчи номинация “Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари” деб номланган бўлиб, Ўзбекистон томони Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан ҳамкорликда тайёрлаган.

“Қўмитанинг баҳолаш комиссияси номзодлик ҳужжатларини тайёрлашда иштирок этаётган давлатларнинг биргаликдаги фаолиятини юқори баҳолади ва уларнинг Вакиллик рўйхатига киритиш учун барча мезонларга мувофиқлигини қайд этди”, дейилади хабарда.

Тадбир давомида номинациялар тақдимотида маданиятларни бойитиш, маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳурмат ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги унсурларнинг тарихий ўрни ва аҳамиятини атрофлича очиб берувчи видеофильмлар намойиш этилди.

Ёрлиқ