МСКда ЕХҲТ элчиси Йохан Петер Трауготт Тейлер билан учрашув бўлиб ўтди
МСКда ЕХҲТ элчиси Йохан Петер Трауготт Тейлер билан учрашув бўлиб ўтди
2016 йил 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси раҳбари, элчи Йохан Петер Трауготт Тейлер билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов Комиссиянинг ЕХҲТ ДИИҲБ билан ҳамкорлиги самарали ривожланиб бораётгани ва ижобий натижалар бераётганини таъкидлади.
Учрашувда ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси фаолияти, унинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича Марказий сайлов комиссияси билан ўзаро ҳамкорлиги масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шу куни пойтахтимизда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси миссияси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш тадбирини бошлаши муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуманда элчи Йохан Петер Трауготт Тейлер бошчилигидаги миссия пойтахтимизда 17 нафар кузатувчи эксперт ҳамда ҳудудларда фаолият кўрсатадиган 20 нафар узоқ муддатли кузатувчидан таркиб топиши маълум қилинди. Бундан ташқари, сайлов куни ДИИҲБ 250 нафар қисқа муддатли кузатувчиларни жалб қилиши режалаштирилган. Кузатувчи ва экспертлар ЕХҲТнинг 21 аъзо мамлакатидан жалб қилинади.
Узоқ муддатли кузатувчилар гуруҳи аъзолари мамлакатимизга шу йилнинг 5 ноябрь куни кела бошлайди, қисқа муддатли кузатувчилар 2-6 декабрь кунлари фаолият кўрсатиши назарда тутилган.
Сайловни кузатиш миссияси сайловни баҳолашда ЕХҲТ мажбуриятлари, демократик сайлов ўтказилишининг халқаро стандартлари ва талаблари ҳамда миллий қонунчиликка таянади. Кузатувчилар сайлов кампанияси тадбирларини, сайлов маъмурияти ва мутасадди ташкилотлар фаолиятини, қонунчиликка риоя қилиш жараёнларини кузатади. Экспертлар сайлов тадбирлари оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилишини мониторинг қилиб боради.
Сайлов куни кузатувчилар сайлов участкаларининг очилиши, овоз бериш жараёни, овозларни санаш ва унинг натижаларини тақдим қилиш жараёнларини кузатади. Миссиянинг дастлабки натижа ва хулосалари бўйича ҳужжат сайловдан бир кун ўтиб чоп этилади.
Тадбирда миллий сайлов қонунчилигига киритилган ушбу ўзгартиш ва қўшимчалар, қолаверса, мамлакатимиз Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини халқаро стандартларга мувофиқ очиқ ва ошкора ўтказишга тайёр эканини эътироф этган ҳолда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш учун ўзининг тўлақонли миссиясини юборишга қарор қилгани алоҳида таъкидланди.Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимларининг саволларига жавоб қайтарилди.