2022 -йилда "Регистон" мажмуасига 1 миллиондан ортиқ турист ташриф буюрди
(last modified Thu, 12 Jan 2023 07:13:23 GMT )
Январ 12, 2023 12:13 Asia/Tashkent
  • 2022 -йилда
    2022 -йилда "Регистон" мажмуасига 1 миллиондан ортиқ турист ташриф буюрди

Самарқанд шаҳридаги "Регистон" ансамблига 2022 йилда 1 миллион 27 минг 951 нафар маҳаллий ва хорижий туристлар ташриф буюрди.

"Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси" дея эътироф этилаётган Самарқанд 2023 йилда Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) пойтахти ҳисобланади. UNWTO Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси айнан Самарқандда ўтказилади деб хабар қилган Уза.уз сайти.

2022 йилда “Регистон” ансамблини янада такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, йил давомида олиб борилган реставрация ва консервация ишларида топилган ноёб тарихий ашёлар “Тиллакори” мадрасасидаги “Самарқанд тарихий суратларда” номли экспозициядан ўрин олди.

2022 йил 27 август куни “Шердор” мадрасасидаги “Суратларда акс этган тарих” экспозициясидан ўрин олган “Мударрис ва талабалар” композициясидаги ҳайкаллар мумдан ясалган реалистик ҳайкаллар билан алмаштирилди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институти директори, академик Шуҳрат Эгамбердиев томонидан  вақтинчалик ўрнатилган қуёш соати жорий йилнинг январь ойида  темир материалдан ясалган соат билан алмаштирилиб, махсус мармар устунга ўрнатилди.

“Регистон” ансамблидаги жорий ва капитал таъмирлаш ишлари Маданий  мерос  агентлиги билан ҳамкорликда бажарилмоқда. Жумладан, “Улуғбек” мадрасаси шимолий кўча фасадларининг 75,0 м2 қисми, “Шердор”  мадрасаси жанубий кўча фасадларининг 60,0 м2 қисми, “Шердор” мадрасасининг ички ҳовли қисмидаги тимпан ва панноларнинг 60 м2 қисми, “Тиллакори” мадрасасининг ички ҳовли қисмидаги тимпан ва панноларнинг 25 м2 қисми реставрация қилинди.

Олиб борилган бу каби чора-тадбирлар маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни қадимий ва бетакрор шаҳар бўлган Самарқандга яна кўпроқ чорлашга хизмат қилади.