Ўзбекистоннинг 2022 йилги ташқи савдоси маълум қилинди
(last modified Sun, 29 Jan 2023 06:04:38 GMT )
Январ 29, 2023 11:04 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистоннинг 2022 йилги ташқи савдоси маълум қилинди
    Ўзбекистоннинг 2022 йилги ташқи савдоси маълум қилинди

Ўтган йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида Хитой ва Россиянинг улуши 36,4 фоизга етган.

 Бу кўрсаткич эса 2021 йил якунлари бўйича 35,6 фоизни, 2020 йил якунлари бўйича эса 33,2 фоизни ташкил қилган. Ҳисобот даврида 4,1 млрд долларлик олтин экспорт қилинган.

Ўзбекистон Давлат Статистика қўмитаси, мамлакатнинг  2022 йил январь-декабрь ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир ҳисоботни маълум қилди.

Ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси 50 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 19,3 млрд долларни, импорт ҳажми эса 30,7 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 15,9 фоизга, импорт ҳажми 20,4 фоизга ўсган. Ташқи савдо салбий сальдоси 11,4 млрд долларни ташкил этган.

Пандемия инқирози ва халқаро бозорлардаги вазият ёмонлашуви фонида ҳукуматнинг бир қатор озиқ-овқат маҳсулотларини Ўзбекистон ҳудудига олиб киришга қўйилган тўсиқларни юмшатиши импорт ҳажми сезиларли даражада ошишига ўз таъсирини ўтказган бўлиши мумкин.

2022 йилда Ўзбекистоннинг Хитой ва Россияга боғлиқлиги янада кучайган. Россиянинг Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 9,3 млрд долларга етган ва бу борада Хитойни ортда қолдирган. Ҳар иккала мамлакатнинг умумий ТСАдаги улуши эса 36,4 фоизга етган. Бу кўрсаткич 2021 йил якунлари бўйича 35,6 фоиз, 2020 йил якунлари бўйича эса 33,2 фоиз бўлган.

Ўтган йилда ТСАнинг нисбатан салмоқли ҳиссаси Россия (18,6 фоиз), Хитой (17,8 фоиз), Қозоғистон (9,2 фоиз), Туркия (6,4 фоиз), Корея (4,7 фоиз), Қирғизистон (2,5 фоиз) ва Германия (2,3 фоиз) билан қайд этилган.