ЕТТБнинг жорий йилдаги йиллик йиғилишига Самарқанд мезбонлик қилади
ЕТТБ йиғилишини Самарқандда ўтказиш учун ариза Ўзбекистон томонидан 2019 йилда тақдим этилган. Ўша йилнинг ўзида ЕТТБ делегацияси йиллик йиғилишни Ўзбекистонда ўтказиш имкониятини ижобий баҳолаган.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида (ИССВ) бугун Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Ўзбекистон ўртасида ЕТТБ Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилишини жорий йил 16-18 май кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиш тўғрисида Ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
тадбирда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги бош директори Шуҳрат Вафоев ва Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган ЕТТБ Бош котиби Казухико Когучи иштирок этди.
Имзоланган ҳужжат банкка аъзо 73 та давлатдан 1 минг 500 дан ортиқ меҳмон иштирок этадиган ЕТТБнинг йиллик йиғилиши ва бизнес-форумга тайёргарлик кўриш, тадбирларни ўтказиш ва ёритиш бўйича ҳар бир томоннинг аниқ ташкилий вазифаларини белгилайди. Бундай юқори даражадаги тадбирнинг ўтказилиши Ўзбекистоннинг жаҳон инвестициявий ҳамжамиятидаги обрўсини оширишга ижобий таъсир кўрсатиши, шунингдек, ишбилармон доиралар вакилларига мамлакатимизнинг иқтисодий, сармоявий, саноат ва ишлаб чиқариш салоҳияти, бой маданияти билан батафсил танишиш имконини бериши кутилмоқда.
Тадбирнинг асосий мавзуси иқтисодиёт барқарорлигига сармоя киритиш бўлади. Йиғилиш давомида банкка аъзо мамлакатлар дуч келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишга қаратилган панел муҳокамалари ўтказилиши режалаштирилган. Бизнес-форумда макроиқтисодий вазият, қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришда хусусий сектор ва давлатнинг роли, ҳудудлараро муносабатлар, иқтисодий интеграция, озиқ-овқат хавфсизлиги, рақамлаштириш ва бошқа кўплаб масалалар юзасидан экспертлар иштирокида муҳокама қилинади.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки 1991 йил 28 мартда ташкил этилган. Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган. Ўзбекистон 1992 йил 30 апрелдан буён банкнинг аъзоси ҳисобланади. Банкнинг Тошкент шаҳрида ваколатхонаси 1993 йил май ойида, Андижон шаҳрида – 2019 йил октябрда, Урганч шаҳрида – 2021 йил июн ойида очилган.