Ўзбекистон Россия қўшинларини Украинадан олиб чиқиш бўйича БМТ резолюциясига бетараф
БМТ Бош ассамблеяси 23 февраль куни бўлиб ўтган фавқулодда махсус сессиясида Украинада БМТ низоми тамойилларига мувофиқ, имкон қадар тезроқ «кенг қамровли, адолатли ва мустаҳкам» тинчлик ўрнатиш зарурлиги тўғрисида резолюцияни қабул қилди.
Резолюцияда Бош ассамблея аъзолари «Россия Федерациясидан ўзининг халқаро тан олинган чегаралари доирасида Украина ҳудудидан барча қуролли кучларини зудлик билан, тўлиқ ва сўзсиз олиб чиқиб кетишни» талаб қилган ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақирган.
БМТматбуо хизматига таяниб "Бугун" сайтининг хабар қилишича, резолюциясига 141 та давлат ёқлаб овоз берган, 32 давлат, жумладан, Ўзбекистон бетараф қолган, 7 та давлат — Беларусь, Шимолий Корея, Эритрея, Мали, Никарагуа, Россия ва Сурия қарши овоз берган. Беларусь томонидан таклиф қилинган тузатишлар рад этилган.
БМТ Бош ассамблеяси Украинанинг халқаро миқёсда тан олинган чегаралари, жумладан, ҳудудий сувлари доирасидаги суверенитети, мустақиллиги, бирлиги ва ҳудудий яхлитлигига содиқлигини яна бир бор тасдиқлаган.
Бу ассамблея резолюцияда «қуролли конфликт иштирокчиларининг барча ҳарбий асирларга муносабати 1949 йил 12 августдаги Ҳарбий асирлар билан қилинадиган муомала тўғрисидаги Женева конвенцияси ва 1949 йилдаги I Қўшимча протокол қоидаларига мувофиқ бўлишини, ҳарбий асирларни тўлиқ алмашишни, барча ноқонуний ҳибсга олинганларни озод қилишни, мажбурий кўчирилган ва депортация қилинган тинч аҳолини, шу жумладан, болаларни қайтаришни талаб қилади».