Ўзбекистон март ойида Ҳиндистонга уран экспортини бошламоқчи
Ўзбекистон март ойидан Ҳиндистонга уран экспортини бошлайди
“Навоийуран” давлат корхонаси келишувга мувофиқ 2023 йил мартдан Ҳиндистонга табиий уран экспорт қилишни бошлайди, дейилади хабарда.
«Навоийуран» Ҳиндистоннинг Атом энергияси департаменти (Department of Atomic Energy) билан шу ҳақда келишувга эришган. Ҳинд департаменти вакиллари корхонада бўлиб, ишлаб чиқариш ва маҳсулотни экспортга тайёрлаш жараёнлари билан яқиндан танишган. Хусусан, Ҳиндистонга жўнатиладиган табиий уран ҳам кўздан кечирилиб, уни ишлаб чиқариш жараёнига ижобий баҳо берилган.
«Навоийуран» айни пайтгача Япония, Канада, АҚШ, Жанубий Корея каби давлатларга уран экспорт қилмоқда. Корхона томонидан 2023-2026 йиллар давомида «Itochu», «Marubeni», «Cameco», «KHNP» каби жаҳоннинг етакчи компанияларига уран экспорт қилиш бўйича тегишли шартномалар имзоланган. 2022 йилда маҳсулот экспорти 118,9 фоизга бажарилиб, ўсиш суръати 2021 йилга нисбатан 110,2 фоизни ташкил этган.