Москвада Ўзбекистон ва Тожикистон меҳнат мигрантлари оммавий норозилик митинги ўтказди
(last modified Sat, 25 Feb 2023 05:37:02 GMT )
феврал 25, 2023 10:37 Asia/Tashkent
  • Москвада Ўзбекистон ва Тожикистон меҳнат мигрантлари оммавий норозилик митинги ўтказди
    Москвада Ўзбекистон ва Тожикистон меҳнат мигрантлари оммавий норозилик митинги ўтказди

Россия пойтахтида ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат мигрантлари оммавий норозилик митинги ўтказди.

Россия пойтахти Москва шаҳридаги Crocus Group компаниясига тегишли қурилиш объектида меҳнат мигрантлари томонидан норозилик митинги ўтказилган. Ишчилар 4 ойдан бери маош берилмаётганига эътироз билдиришган. Намойишчиларни тарқатиш учун қўриқчилар травматик қуроллардан ҳавога ўқ узган.

Манбаларга кўра, Crocus Group компанияси озарбойжонлик тадбиркор Ораз Агаларовга тегишли бўлиб, меҳнат мигрантлари аввал ҳам маош кечиктирилаётганидан кўп марта шикоят қилишган.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси бундай можаро юз берганини маълум қилди.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабаридан маълум бўлишича, можародаги томонлар ўртасида жисмоний тўқнашув юз берган, иштирокчилардан баъзилари полиция томонидан ҳибсга олинган.

Хабарда шунингдек «Иш ҳақининг ўз вақтида тўланмагани сабабли уюштирилган норозилик ҳаракати оқибатида иш берувчилар ва мигрантлар ўртасида жисмоний куч ишлатилган. Шундан сўнг корхона раҳбарияти фуқаролар билан учрашиб, уларнинг ишлаган барча маошларини тўлашга ваъда берган. Ушбу ҳолатда жароҳат олганлар ва ҳибсга олинганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқ», деб келтирилган.