Ўзбекистон ва Туркия президентлари телефон орқали суҳбатлишди
Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқот қилди.
Шавкат Мирзиёев Туркия етакчисини таваллуд куни билан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва катта муваффақиятлар ҳамда қардош турк халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади. Ўзбекистон—Туркия муносабатлари бугунги стратегик шериклик ва кўп қиррали ҳамкорликдек юксак даражага кўтарилишида президент Эрдўғаннинг шахсий ҳиссаси алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон президенти Туркиянинг жануби-шарқий музофотларида содир бўлган вайронкор зилзилалар муносабати билан яна бир бор далда сўзларини изҳор этди ва уларнинг оқибатларини бартараф этишда зарур ёрдамни кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.
Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам ўз навбатида, энг мураккаб паллада кўрсатилган кўмак учун Ўзбекистон президенти ва қардош халқига чуқур миннатдорлик билдирди. Қутқарувчилар ва тиббиёт ходимларининг фаолияти туфайли ўнлаб инсонларнинг ҳаёти сақлаб қолинди, Ҳатай музофотининг минглаб аҳолисига малакали ёрдам кўрсатилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон маданияти ва санъати, зиёлилари ва жамоатчилик вакилларининг саъй-ҳаракатлари катта маънавий кўмак бўлди.
Ўзбекистон ва Туркия етакчилари икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. 2022 йилнинг ноябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтган олий даражадаги учрашувда эришилган келишувларни сўзсиз амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Бўлажак учрашувлар режаси, шу жумладан Ўзбекистон ва Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилишига ҳамда Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити тадбирларига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.