Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари қамоққа олинган
(last modified Mon, 27 Mar 2023 06:33:10 GMT )
март 27, 2023 11:33 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари қамоққа олинган
    Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари қамоққа олинган

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбари Афзал Эрматов Жиноят кодексининг 205-моддасида (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этишда гумонланмоқда. У эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги  матбуот котиби Ортиқхўжа Норов раҳбарининг январ ойидан буён ишга чиқмаганини тасдиқлар экан, жиноят иши ва илгари сурилаётган айблов ҳақида маълумотга эга эмаслигини таъкидлади.

Ўзбекистон  Миграция агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўзғатилган ва 3 январь куни агентлик биносида тинтув ўтказилган. Жиноят иши доирасида яна уч мулозим сўроққа чақирилган, уларнинг айримлари ҳибсга олинган.

Шу йилнинг бошида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида Миграция агентлиги устидан назорат қилишга масъул бошқарма бошлиғи қамоққа олинган эди. У мигрантларга авиачипта устига нарх қўйиб сотиш орқали фирибгарлик қилганликда гумон қилинган.

Агентликдаги ҳибсга олишлар билан вазирлик мулозимининг қамоққа олиниши Жанубий Кореяга ишга юбориш жараёнида йўлга қўйилган коррупцион схеманинг фош бўлиши билан боғлиқ. Бироқ на Меҳнат вазирлиги ва на тергов органи бу ҳақда ҳеч қандай баёнот бергани йўқ.