Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади
(last modified Fri, 21 Apr 2023 07:25:24 GMT )
апрел 21, 2023 12:25 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Рамазон ҳайити билан табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Рамазон ҳайити табригида виждон эркинлигини қарор топтириш, диний-маънавий қадриятларни тиклаш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом этаётганини таъкидлади. Жорий йилда чекловлар олиб ташланиши туфайли 31 мингдан ортиқ ўзбекистонлик Макка ва Мадинага умра зиёратига борди.

«Қалбларимиз қувонч ва эзгулик нурига тўлиб турган ушбу саодатли дамларда аввало мана шундай қутлуғ ва мунаввар кунларга эл-юртимиз билан биргаликда соғ-омон етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз», — дейилади табрикда.

Давлат раҳбари янги Ўзбекистонни қуриш жараёнида ҳаётнинг барча соҳалари қатори диний йўналишдаги ишлар ҳам янги босқичга кўтарилиб бораётганини таъкидлади. «Кейинги йилларда сизлар билан бирга бу борада улкан ишларни амалга ошираётганимиз халқимиз, жамоатчилигимизга яхши маълум, албатта» дейилган.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти фармони билан жазо муддатини ўтаётган 541 киши афв этилди. Уларнинг орасида 36 нафар чет эл фуқароси, 136 нафар аёл, 75 нафар 60 ёшдан ошган эркак ҳамда 6 нафар тақиқланган ташкилотлар фаолиятида қатнашганлар бор.

Афв этилган шахсларнинг 374 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 110 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 18 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 39 нафар шахсларга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Ёрлиқ