Мирзиёев: Евроосиё доирасида саноат соҳасидаги ҳамкорликларни кенгайтириш зарур
(last modified Mon, 29 May 2023 05:20:00 GMT )
май 29, 2023 10:20 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев: Евроосиё доирасида саноат соҳасидаги ҳамкорликларни кенгайтириш зарур
    Мирзиёев: Евроосиё доирасида саноат соҳасидаги ҳамкорликларни кенгайтириш зарур

Шавкат Мирзиёев Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг ўттизинчи йиғилишида видеоалоқа орқали иштирок этди.

Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин раислигида ўтган бу галги учрашувда Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир  Жапаров, Арманистон Республикаси Бош вазири Никол Пашинян, кузатувчи давлат раҳбари сифатида Куба Республикаси Президенти Мигель Диас-Канель ҳамда Евроосиё иқтисодий комиссияси Ҳайъати раиси Михаил Мясникович қатнашди.

Таклиф этилган давлат раҳбарлари сифатида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ҳам иштирок этди.

Кун тартибига мувофиқ, кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга оширишнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.

Мирзиёев ўз нутқида Ўзбекистон ЕОИИ ҳузуридаги кузатувчи давлат сифатида бирлашма доирасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган тадбирларда фаол иштирок этаётганини қайд этди деб хабар қилган президент.уз сайти.

Савдо муносабатларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, янги ўсиш нуқталари ва имкониятларни излаш бўйича биргаликда иш олиб борилмоқда. 2022 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 23 фоизга кўпайди. Барқарор ўсиш суръати жорий йилда ҳам кузатилмоқда.

Саноат кооперацияси соҳасида кейинги йилларда Ўзбекистоннинг устувор тармоқларида юзлаб қўшма лойиҳа ва корхоналар ишга туширилди

Ишбилармонлар мулоқотини рағбатлантириш учун самарали платформалар яратилди. Жорий йилнинг апрель ойида учинчи бор Тошкентда муваффақиятли ўтказилган ва анъанавий тус олган “ИННОПРОМ. Марказий Осиё” халқаро саноат кўргазмаси шулар жумласидан.

Евроосиё иқтисодий комиссияси билан конструктив ҳамкорлик йўлга қўйилди. Уч йиллик Қўшма режа доирасида қонунчиликни халқаро нормаларга уйғунлаштириш, иқтисодиётни тартибга солиш тажрибаси билан алмашиш, савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларида тўсиқларни бартараф этиш бўйича 200 дан зиёд тадбир ўтказилди.

Ўзбекистон савдо тартиботларини соддалаштириш бўйича ҳамда транспорт, қишлоқ хўжалиги, экология ва туризм соҳаларидаги алоҳида дастурлар ва тармоқ лойиҳаларида иштирок этмоқда.

– Глобал хавф-хатарлар, транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергетик хавфсизлик таҳдидлари ва бошқа муаммолар кучайиб бораётгани мамлакатларимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг биринчи галдаги вазифаларини ҳал этиш учун яқин ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда, – деди Ўзбекистон етакчиси.

Шавкат Мирзиёев  мамлакатларимиз ўртасида савдо айланмаси ҳажмини тубдан ошириш учун савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш муҳимлигини қайд этди. Техник тўсиқларни бартараф этиш ва сертификатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимнинг қабул қилиниши бунга хизмат қилади.

Ўзбекистон Президенти божхона маъмуриятчилиги, санитар, фитосанитар ва ветеринар назорат ҳамда товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашнинг электрон платформалари ва онлайн тизимларини интеграция қилиш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Ушбу ташаббусни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш учун экспертлар даражасида батафсил маслаҳатлашувлар ўтказиш таклиф қилинди.