Ўзбекистон экология вазири лавозимига Азиз Абдуҳакимов тайинланди
Ўзбекистон қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири лавозимига Азиз Абдуҳакимов номзодини кўриб чиқишди.
Бу мажлисда А.Абдуҳакимов экологик вазиятни яхшилаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлаш мақсадида келгусида амалга ошириладиган ишлари бўйича ўз ҳаракатлар дастури ҳақида ахборот берди.
Ўзбекистон қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар А.Абдуҳакимов номзодини Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири лавозимига маъқуллади.
Ўзбекистон президентнинг “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Табиат ресурслари вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги деб қайта номланди.
Азиз Абдуҳакимов 1974 йил 17 июнда Тошкентда туғилган. Тошкент Давлат иқтисодиёт институтини битирган. Маълумоти бўйича иқтисодчи. Магистр даражасини Япония университетида олган.
У меҳнат фаолиятини 1993—1996 йилларда «Ипак йўли» банкида турли лавозимларда бошлаган. 1996—2004 йилларда Ўзбекистон Марказий банки бош мутахассиси, «Ўзсаноатқурилишбанк» бошқарма бошлиғи лавозимларида фаолият юритган.