«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» мультимодал транспорт йўлагида юк поезди ҳаракати йўлга қўйилди
(last modified Tue, 13 Jun 2023 10:12:20 GMT )
июн 13, 2023 15:12 Asia/Tashkent
  • «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» мультимодал транспорт йўлагида юк поезди ҳаракати йўлга қўйилди
    «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» мультимодал транспорт йўлагида юк поезди ҳаракати йўлга қўйилди

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб Хитойнинг Ланджоу стансиясидан Тошкентга 30 та контейнердан иборат илк блок поезди ҳаракати йўлга қўйилди. Қиймати 2,5 млн долларни ташкил этувчи юк поезди 15 кунда келиши белгиланган.

9 июнь куни Zhejiang union of railway logistics компанияси, «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Қирғиз темир йўли» давлат корхонаси ҳамкорлигида Ланджоу стансиясидан Тошкентга 30 та контейнердан иборат илк блок поезди ҳаракати йўлга қўйилди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Таркибида қуёш панеллари, механик жихозлар, матолар ва бошқа юклар бўлган умумий қиймати 2,5 миллион долларни ташкил этувчи юк поезди Хитойнинг Ланджоу шаҳридан Тошкентга 15 кунда етиб келиши белгиланган. Мазкур лойиҳа Сиан шаҳрида бўлиб ўтган «Хитой — Марказий Осиё» саммити доирасида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида йўлга қўйилган.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев ва Хитой халқ республикаси раиси Си Цзиньпин учрашуви якунлари бўйича Ўзбекистон ва Хитойнинг қўшма баёнотида Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темирйўли лойиҳаси икки давлат ва минтақа ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда тарихий аҳамиятга эга экани таъкидланганди. Томонлар лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш тугалланганидан мамнун ва темирйўл қурилишини якунлаш ва тайёрлашга биргаликда ҳисса қўшишга тайёр.

Бундан ташқари, ҳар икки томон Хитой-Марказий Осиё транспорт йўлаги қурилишини жадаллаштириш, бу йўналишда темир йўлконтейнер ташувларини ривожлантириш, Хитой-Тожикистон-Ўзбекистон автомобиль йўлининг узлуксиз ишлашини таъминлаш ва юк ташиш ҳажмини оширишга тайёр.

Лойиҳа доирасида Жалолобод-Макмал-Арпа-Торугарт-Қашғар қўшма йўналиши бўйлаб автомобиль йўли қуриш режалаштирилган. Қирғизистон орқали ўтадиган транзит йўли Ўзбекистонга қўшимча 5 млн тонна транзит юк ташиш имконини бериши кутилмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлиги аввалроқ мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Хитойдан Ўзбекистон орқали Туркияга ва ундан кейин Европага, шунингдек, Форс кўрфази давлатларигача бўлган савдо ва транспорт географиясини кенгайтиришини маълум қилганди.