Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли қурилиши бўйича расмий ишлар бошланмоқда
-
Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли қурилиши бўйича расмий ишлар бошланмоқда
Жорий йилнинг 27 декабрь куни «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли қурилиши бўйича расмий ишлар бошланади.
Газета сайтининг хабар қилишича, Қирғизистон президенти Садир Жапаров 20 декабрь куни бўлиб ўтган III Халқ қурултойида маълум қил\ди.
Қирғизистон президентига кўра, бу лойиҳа «ўнлаб йиллар давомида токчаларда чанг босиб ётган».
«Бу лойиҳани бошлаганимизда унга ишонмаганлар, чўпчак деб ҳисоблаганлар ҳам бор эди. Лекин бугун барчангиз бу амалга оширилаётган лойиҳанинг гувоҳи бўлдингиз. 27 декабрь куни ушбу йўл қурилиши бўйича расмий ишлар бошланади. У Шарқ ва Ғарбни боғловчи стратегик кўприк бўлади», — деди президент.
Садир Жапаров таъкидлаганидек, «аср қурилиши» савдо, туризм ва саноат учун янги имкониятлар очади.
Жума куни Қирғизистон президентининг «Интимак-Ордо» маъмурияти биносида ушбу мамлакат Вазирлар Маҳкамаси ва «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўл компанияси ўртасида лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича инвестиция битимини имзолаш маросими ўтказилди
Инвестиция битимини Қирғизистон транспорт ва коммуникациялар вазири Абсаттар Сиргабаев ва темирйўл компанияси директорлар кенгаши раиси Чжун Шэнгуй имзолади. Тадбирда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Саидикрам Ниязходжаев ҳам иштирок этди.
Хитойни Марказий Осиё давлатлари билан боғлайдиган темирйўл тармоғини қуриш лойиҳаси қарийб 25 йилдан бери кўриб чиқилади. Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга, сўнгра Туркманистон, Эрон ва Туркияга йўналишнинг бир нечта вариантлари кўриб чиқилди. Томонлар темирйўлнинг кенглиги, шунингдек, бориш қийин бўлган баланд тоғли ҳудудлардан ўтадиган магистралнинг қурилиш қиймати ва унинг йўналиши ҳақида келишиб ололмайди. Бу Россия ва Қозоғистонга қарамликни камайтириши кутилмоқда.