Ўзбекистонликларга Россия ва Украинанинг чегарадош ҳудудларига бормай туриш тавсия қилинди
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси ватандошларни Россия ва Украинанинг чегарадош ҳудудларига саёҳат қилмаслик, одамлар гавжум жойларга бормаслик, шунингдек, Россия ҳудудида амалдаги жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий амал қилишга чақирди.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси шанба куни Вагнер хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожиннинг исёни ва мамлакатда юзага келган тартибсизлик фонида ўзбекистонлик фуқароларга мурожаат қилди.
Элчихона Ўзбекистоннинг барча фуқароларини Россия ҳудудида амалда бўлган жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилишга, Россия ва Украинанинг чегарадош ҳудудларига саёҳат қилмасликка, одамлар гавжум жойларга ташриф буюрмасликка чақирди.
«Ахборот майдонида тарқатилаётган тасдиқланмаган маълумотларга берилмаслик ва мамлакат расмий вакилларининг кўрсатмаларига амал қилишни сўраймиз», — дейилади мурожаатда.
Шунингдек, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида мамлакатнинг Россиядаги барча дипломатик ваколатхоналари тўлиқ иш режимида ишлаётгани маълум қилинди.