Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари АҚШда бир қатор учрашувлар ўтказди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари бошчилигидаги делегацияси Вашингтонга ташриф буюрганида АҚШдаги ҳукумат расмийлари ҳамда етакчи Америка компаниялари вакиллари ҳамда раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев бошчилигидаги делегация АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Дональд Лу, АҚШ Савдо вазирининг ўринбосари Алан Эстевес, АҚШ Савдо вакили ўринбосари Сара Бянки, АҚШ Ўзбекистон Савдо палатаси (AOʼSP) раиси Керолин Лемм ва бошқа расмийлар билан музокаралар ўтказди.
АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Дональд Лу билан учрашув давомида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шерикликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Америка томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни олқишлаб, йирик лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутган ҳолда ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканлигини эътироф этди.
АҚШ савдо вазири ўринбосари, Саноат ва хавфсизлик бюроси раҳбари Алан Эстевес билан суҳбат давомида, савдо оқимларини кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашинилди. Америка томони Ўзбекистоннинг ташқи савдо жараёнларининг самарадорлигини ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
АҚШ Савдо вакили ўринбосари Сара Бянки билан мулоқотда Ўзбекистон сармоявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш, савдо тўсиқларини бартараф этиш ҳамда савдо операцияларини янада осонлаштириш масалалари муҳокама этилди. Учрашувда Ўзбекистонда энергетика, машинасозлик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошираётган АҚШ компанияларининг муваффақиятли фаолияти алоҳида таъкидланди.