Ўзбекистоннинг олтин захирасининг ҳажми сўнгги 5 йилда 35 фоизга ошди
Ўзбекистоннинг халқаро захиралар ҳажми 2017 йил билан солиштирилганда 9,3 млрд АҚШ доллари ёки 35,3 фоизга ошган бўлиб, бу ҳолат 2017-2022 йиллар мобайнида халқаро захиралар таркибидаги монетар олтин ҳажмининг 67 тоннага ортганлиги ҳамда олтин нархининг 2017 йил бошидаги 1 159,1 доллардан 2022 йил якунига 1 812,4 долларгача кўтарилиши билан изоҳланади. Бунда халқаро захиралар хажмига олтин нархи ўзгаришининг таъсири 6,9 млрд АҚШ долларини ташкил қилди.
Натижада халқаро захираларнинг таркибида монетар олтиннинг улуши 2017 йилга нисбатан 46 фоиздан 2023 йил 1 январь ҳолатига 64 фоизгача ошди ва мос равишда валюта маблағлари улуши 53 фоиздан 36 фоизга камайди.
Ўзбекистон Республикасининг халқаро захиралари ҳажми халқаро амалиётда захираларнинг етарлилигини баҳолашда қўлланиладиган кўрсаткичларнинг минимал талабларига тўлиқ жавоб беради», — дейилади Ўзбекистон Марказий банк хабарида.
Маълум қилинишича, халқаро захираларнинг кенг маънодаги пул массасига нисбати 2023 йил 1 июль ҳолатига 204 фоизни ташкил қилган бўлиб, 20 фоизлик минимал талабдан 10 баробар кўпдир.
Шунингдек, келтирилишича, импорт ҳажми 2017 йилда 14 млрд долларни ташкил қилган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 30 млрд долларга етган, яъни ўсиш 2,1 баробарни ташкил қилган, 2021-2022 йилларда ЯИМ номинал ҳажмида 20-22 фоизлик ўсиш кузатилган бўлса, импорт ҳажмида ҳам шунга мос равишда 20-21 фоизлик ўсиш суръатлари қайд этилган.
Импорт ҳажмининг юқори суръатларда ошиб бориши шароитида халқаро захираларнинг уларга бўлган нисбатининг пасайиши, 2023 йил 1 июль ҳолатига халқаро захираларни 11,3 ойлик импортни қоплашга етадиган даражада шакллантирувчи омиллар бўлган. Бу эса минимал талаб этиладиган кўрсаткичдан қарийб 4 баробарга юқоридир (минимал талаб 3 ой).