Ўзбекистонда биринчи марта 8 млн тонна ғалла етиштирилди
-
Ўзбекистонда биринчи марта 8 млн тонна ғалла етиштирилди
Ўзбекистонда биринчи марта 8 млн тонна ғалла етиштирилди. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.
Қайд этилишича, бугунги кунга қадар республика бўйича фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан жами 8,1 млн тоннадан ортиқ дон етиштирилди. Сувли майдонларда ўртача ҳосилдорлик 70,5 центнердан ортди.
“Ҳосилдорликни ошириш мақсадида биологик эскирган навлар ўрнига янги юқори ҳосилли, об-ҳавонинг ноқулай шароитларига чидамли 12 та кузги буғдой навларининг майдони 585 минг гектарга кенгайтирилди”, дейилади вазирлик сархисобида.
Ғалланинг ривожланиш фазалари ва навларининг пишиш ҳолатидан келиб чиқиб, Сурхондарё вилоятида 22 май, Қашқадарёда 24 май, Сирдарё, Тошкент ва Бухорода 29 май, Жиззахда 31 май ҳамда Фарғона ва Навоийда 2 июнь, Андижон, Самарқанд ва Хоразмда 5 июнь ҳамда Қорақалпоғистон республикасида 8 июндан ғалла ўрим ишларига киришилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов Ўзбекистонда ғалла ҳосилдорлиги ошгани ҳақида гапириб, ғалла ҳосилдорлиги 57 центнердан 70 центнерга ошди ва 2023 йил ялпи ишлаб чиқариш 8,1 млн тонна бўлиши кутилаётганини маълум қилган.