Ўзбекистон жаҳон паспортлари рейтингида 78-ўринга кўтарилди
Ўзбекистон Henley & Partners консалтинг компаниясининг жаҳон паспортлари рейтингида беш поғонага юқорилаб, 78-ўринни эгаллади.
Ўзбекистон Henley & Partners консалтинг компаниясининг жаҳон паспортлари рейтингида олдинги ўрни 83дан беш поғонага кўтарилиб, 78-ўринни эгаллади.
Мамлакат фуқаролари 59 та давлатга визасиз ёки боргандан кейин виза олиш орқали саёҳат қилиши мумкин.
Япония 5 йил ичида биринчи марта рейтингдаги биринчи ўрнини йўқотди ва учинчи ўринга тушиб кетди. Биринчи ўринни бу сафар Сингапур эгаллади. Унинг фуқаролари таҳлил қилинган 227 мамлакатдан 193 тасига визасиз бориши ёки боргандан кейин виза олиши мумкин.
Рейтингда Германия, Италия ва Испания (190 мамлакат) иккинчи ўринга кўтарилган бўлса, Австрия, Люксембург, Финляндия, Франция, Швеция, Жанубий Корея ва Япония (189 мамлакат) учинчи ўринни эгаллади.
Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида энг кучли паспорт деб Қозоғистон ҳужжати топилган — 66-ўрин. Қозоғистонликлар 77 та мамлакатга виза олмасдан саёҳатга чиқиши мумкин. Қирғизистон 76-ўринда (63 мамлакат), Тожикистоннинг натижаси эса Ўзбекистонники билан бир хил — 78-ўрин (59 та мамлакат).