Ўзбекистон президенти Форс кўрфаз давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммитида қатор таклифлар билан чиқди
(last modified Thu, 20 Jul 2023 03:50:39 GMT )
июл 20, 2023 08:50 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммитида қатор таклифлар билан чиқди
    Ўзбекистон президенти Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммитида қатор таклифлар билан чиқди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Форс кўрфаз давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди.

Шавкат Мирзиёев ўз нутқида Марказий Осиё ва Форс кўрфаз минтақаси халқлари ўртасидаги муносабатлар тарихи узоқ эканини, яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва анъаналар, муқаддас ислом дини уларнинг асосини ташкил этишини алоҳида таъкидлади.

Ҳозирги вазиятга баҳо берар экан, Шавкат Мирзиёев бугунги хавф-хатарларга қарамай, иккала минтақа ҳам тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб келаётганини таъкидлади. Айни пайтда Марказий Осиё ва Форс кўрфаз давлатлари бир-бирларига ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қарамоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг Форс кўрфаз мамлакатлари билан алоқалари янги босқичга кўтарилгани қайд этилди. Ушбу ижобий тажрибадан келиб чиқиб, минтақаларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни бир қатор йўналишларда кенгайтириш таклиф этилди.

Мирзиёев сиёсий соҳада кенг қамровли ҳамкорликни турли форматларда ривожлантириш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Биродар давлатлар ва халқларни янада яқинлаштириш мақсадида келгусида кўп томонлама Дўстлик, минтақалараро боғлиқлик ва ҳамкорлик битимини ишлаб чиқиш масаласини ўрганиш таклиф этилди.

Иккинчи йўналиш – юқори технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорлик. Шавкат Мирзиёев инновациялар, “сунъий” интеллект, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, “ақлли қишлоқ хўжалиги”, нано- ва биотехнологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик платформалари ва ишчи механизмларини яратиш зарурлигини қайд этди. Бизнес вакиллари иштирокида қўшма инвесторлар кенгашини таъсис этиш ва унинг дастлабки йиғилишини Самарқандда ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Учинчи йўналиш савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтиришдан иборат. Мирзиёев Форс кўрфаз давлатлари билан эркин савдо режимини жорий этиш, техник регламентларни уйғунлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шу муносабат билан кўп томонлама Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш масаласини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Транспорт ва транзит соҳасида Ўрта транспорт коридорида энг мақбул тарифларни қўллаш, Афғонистон орқали мавжуд мультимодал йўлаклардан кенг фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни мақсадли субсидиялаш ёрдамида кўпайтириш таклифи билдирилди.

Иштирокчиларнинг эътибори кейинги йўналиш – туризм соҳасига қаратилди. “Форс кўрфаз – Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини ва туристлар учун мўлжалланган замонавий кластерларни яратиш, қўшма туристик маҳсулотларни кўпайтириш ҳамда 2024 йилда Ислом дунёси туризм пойтахти, деб эълон қилинган Хива шаҳрида минтақаларимиз етакчи сайёҳлик операторлари форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида дунёда кузатилаётган исломофобия ҳолатларига қарши биргаликда курашиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон президенти Афғонистонда тинчликка эришиш масалаларига тўхталиб ўтди.

Саммит иштирокчилари Ўзбекистоннинг “Марказий Осиё – Форс кўрфаз давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги навбатдаги олий даражадаги учрашувни Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади.

Шунингдук, Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони Валиаҳди Муҳуаммад Бин Салмон билан учрашди ва икки давлат ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш бўйича фикр алмашди.