июл 20, 2023 15:09 Asia/Tashkent
  • АҚШда 15 ёшли ўзбекистонлик отишмада қурбон бўлди
    АҚШда 15 ёшли ўзбекистонлик отишмада қурбон бўлди

Полиция хабарига кўра, ҳолат ўсмирлар ўртасида низо сабабли келиб чиққан.

АҚШнинг Бруклин шаҳрида 15 ёшли ўзбекистонлик бола отишмада ҳалок бўлди. Отишма уюштирган 17 ёшли ўсмир воқеа жойидан яширинган.

17 июль куни соат 13:00 атрофида етти нафар бола бошқа бир гуруҳ болалар билан рўбарў келган. Ўсмирлардан бири бошқа бир бола билан жанжаллашмоқчи бўлган. Икки гуруҳ талабалари Франклин Делано Рузвельт ўрта мактабида таҳсил олган ва бир-бирини таниган.

Полиция хабарига кўра, икки гуруҳ аъзолари дўппослашиб, орани очиқ қилмоқчи бўлган. Иккинчи гуруҳ вакили, 17 ёшли бола кўчанинг нариги томонидан гуруҳ бўлиб турган болаларга қурол чиқариб ўқ узган. 15 ёшли Фаридун Мавлоновнинг елкасига ўқ теккан ва оғир аҳволда Маймониддаги тиббиёт марказига етказилган. У 18 июль куни вафот этган.

Хабарда ёзилишича, 15 ёшли Фаридун Мавлоновнинг оиласи 12 йил аввал АҚШга кўчиб борган. Мавлонов профессионал UFC жангчиси бўлишни орзу қилган ва Жеймс Медисон ўрта мактаби ўқувчиси бўлган.

Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдириб, мамлакатнинг Нью-Йоркдаги консуллиги бу борада маҳаллий ҳокимият органлари билан алоқада эканини маълум қилган.

Ёрлиқ