Ўзбекистон ва Жанубий Корея мудофаа вазирлари ҳарбий ҳамкорликни кенгайтиришни муҳокама қилди
Ўзбекистон Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов Тошкентда жанубий кореялик ҳамкасби Ли Жонг Суп билан учрашди. Учрашувда мудофаа ва қурол-яроғ саноати соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳокама қилинди.
Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов сешанба куни Корея Республикаси миллий мудофаа вазири Ли Жонг Супни қабул қилди.
Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, музокараларда вазирлар ҳарбий соҳадаги ҳамкорликни давом эттириш ва шерикликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама қилди.
Ташриф доирасида Корея Республикаси ҳарбий делегацияси Ўзбекистон Қуролли кучлари академиясига ташриф буюриб, таълим муассасаси фаолияти ва инфратузилмаси билан яқиндан танишди. Яна бир қанча объектларга ташриф буюриш ҳам режалаштирилган.
Мудофаа вазири Ли Жонг Суп душанбадан пайшанбагача «Марказий Осиёдаги алоҳида стратегик ҳамкор ва асосий дўст мамлакат» бўлган Ўзбекистонга ташриф буюриши режалаштирилган, деб хабар берди душанба куни Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги.
Эътиборли жиҳати, Ли Ўзбекистонга ташриф буюрган биринчи Жанубий Корея мудофаа вазири саналади.
Жанубий Корея-Ўзбекистон мудофаа саноатини ривожлантириш конференцияси ҳам бўлиб ўтади ва бу Ўзбекистон билан мудофаа соҳасида стратегик ҳамкорлик чора-тадбирларини муҳокама қилиш учун платформа бўлади.
Шунингдек, Жанубий Корея мудофаа вазирининг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан учрашиши кутилмоқда.