Мисрнинг Порт-Саид шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилади
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Мисрнинг Порт Саид минтақаси раҳбарияти ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди.
Музокаралар давомида Порт-Саид шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг савдо уйини очиш таклифи билдирилди. Бу Ўзбекистон-Миср товарлари ва хизматларини импорт ҳамда экспорт қилиш учун марказ бўлиб хизмат қилиши қайд этилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг мазкур ташаббуси ҳаётга татбиқ этилиши натижасида, келгусида мамлакатдан Африка, Европа ва Осиё мамлакатларига товарларни экспорт қилиш имконияти яратилади.
Порт Саид губернаторининг ўринбосари Саид Амро Усмон ўз нутқида ушбу лойиҳани амалга оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Унинг айтишича, Ўзбекистон маҳсулотларини Порт-Саид орқали Миср, Африка ва Европага олиб кириш энг мақбул вариант.
Учрашув якунида томонлар Савдо уйини ташкил этиш бўйича барча масалаларни атрофлича ўрганиш ва лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олди.