7 нафар ўзбекистонлик мутахассислар Эронда амалиёт ўтайди
Эрон Ислом Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалиги илмий тадқиқот, таълим ташкилоти директори Можтаба Хаём Некоий бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.
Ташриф доирасида эронлик делегация вакиллари ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Алишер Шукуров ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Эрон ва Ўзбекистон вакиллари учрашуви чоғида қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма инновацион тадқиқотларни амалга ошириш, соҳа тармоқларининг малакали мутахассисларга бўлган жорий ва истиқболдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини самарали ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари озиқ-овқат хавфсизлиги, пистачиликни ривожлантириш ва писта навларини яратиш борасида тадқиқот ишларини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилиш истиқболлари кўриб чиқилди. Эрон томони ушбу йўналишда тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.
Учрашувлар якунида Ёш олимларнинг хорижий илмий марказлар ва университетларда қисқа муддатли илмий амалиётини ташкил этиш ва буни молиялаштириш тўғрисидаги шартнома имзоланди.
Ушбу шартнома асосида жорий йилнинг октябрь ойидан бошлаб 7 нафар ўзбекистонлик мутахассислар биотехнология, ветеринария, боғбончилик, уруғчилик, ўрмончилик, механизация ва вакцинация йўналишлари бўйича “AREEO”да амалиёт ўташ мақсадида Эронга боради.