Илк бор UNWTO Бош Ассамблеяси сессияси Ўзбекистонда ўтказилади
Ўзбекистон ўз тарихида биринчи марта БМТ оиласига кирувчи ташкилотнинг энг муҳим тадбири ҳисобланган ва икки йилда бир марта ўтказиладиган Бош ассамблеяга мезбонлик қилади.
16–20 октябр кунлари Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти (UNWTO) Бош Ассамблеяси сессияси ўтказилади.
Тадбир 160 га яқин давлатдан туризм йўналишида фаолият юритувчи давлат идоралари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар ва туристик бизнес вакилларини бирлаштиради.
Ўзбекистон 2023-2027 йиллар учун UNWTO Ижро кенгашининг Ваколатлар бўйича қўмитаси аъзолигига қабул қилинди. Бу UNWTO Ижро кенгаши томонидан қабул қилинадиган муҳим қарор ва ҳужжатлар, уларда аъзо давлатлар иштирокининг ҳаққонийлиги ва тамойилларга мослигини назорат қилиш ваколати Ўзбекистонга топширилганини билдиради.
Бош Ассамблеянинг 25-сессияси доирасида туризм соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалалари ялпи сессиялар ва бошқа қатор кенг миқёсли анжуманларда муҳокама қилинади.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг бой маданий мероси ва табиий ресурсларини сақлаб қолган ҳолда, мамлкатимизнинг иқтисодий ўсишига ҳисса қўшадиган инвестицияларни жалб қилиш кўзланмоқда.