ЖЧ-2018 саралаши. Ўзбекистон Жанубий Кореяга ютқазди
Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳридаги "World Cup" стадионида Ўзбекистон миллий терма жамоасини қабул қилган мезбонлар иродали ғалабага эришди.
Биринчи бўлимнинг 25-дақиқасида Марат Бикмаев Корея дарвозабони жуда қўпол хатосидан унумли фойдаланиб, 30 метрлардан бўш дарвозани ишғол қилди ва Ўзбекистон терма жамосини олдинга олиб чиқди – 0:1.
Иккинчи бўлим мураббийлар жанги бўлди ва унда мезбонлар устози Ули Штилике ғалаба қозонди. Айнан у амалга оширган ўзгаришлар фойда келтирди.
67-дақиқада майдон эгаларининг чап қанотдан уюштиришган ҳужумини Нам Тай Ҳи гол билан якунланди – 1:1.
86-дақиқада Ку Жа Чол Лобанов дарвозасига иккинчи тўпни йўллади ва Самвел Бабаян жамоаси дурангдан ҳам қуруқ қолди.
Бу Самвел Бабаян бошчилик қилаётган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 3-саралаш босқичидаги иккинчи мағлубияти бўлди. Аввалроқ жамоа ўз майдонида Эрондан 0:1 ҳисобида енгилганди.
Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси 3-саралаш босқичининг 1-даврасини Эрон ва Жанубий Кореядан кейин 3-ўринда якунлади.