Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари қатор ҳамкорлик ҳужжатларини имзолади
Москва шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг тўртинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Таъкидланишича, кейинги йилларда давлатлараро ҳамкорлик фаоллашди, барча соҳаларда кўп қиррали самарали ҳамкорликнинг жадал ўсиши кузатилмоқда. Икки давлат раҳбарлари томонидан ҳукуматлар зиммасига ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва эришилган келишувлар ижросини изчил таъминлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган. Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ўсмоқда. Ўтган йил охирида бу кўрсаткич 9,3 миллиард долларга етган.
Кон-металлургия, ёқилғи-энергетика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа тармоқларда саноат кооперацияси лойиҳалари фаол амалга оширилаётгани қайд этилди. Шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, сармоявий ва фаол маданий-гуманитар алмашинувни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Қўшма Ҳукуматлараро комиссиянинг йиғилиши якунлари бўйича икки мамлакат бош вазирлари Абдулла Арипов ва Михаил Мишустин қўшма коммюнике имзолашди.
Шунингдек, қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Хусусан:
Россия Саноат ва савдо вазирлиги ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасидаги битим
2023-2024 йилларда давлат кадастрини баҳолаш тизимини яратишда Россия томонидан Ўзбекистонга беғараз техник кўмак кўрсатиш тўғрисида Россия Федарал рўйхатга олиш, кадастр ва картография хизмати ва Ўзбекистон иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўртасидаги битим
“Росатом” ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ядро тиббиёти соҳасида стратегик шериклик тўғрисидаги англашув меморандуми;
“Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети” Федерал давлат автоном муассасининг Тошкент филиали фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш бўйича биргаликдаги ишларни тезлаштириш тадбирлари режаси.