Мирзиёев Покистон ҳукумати раҳбари билан учрашди
(last modified Thu, 21 Sep 2023 04:38:54 GMT )
сентябр 21, 2023 09:38 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев Покистон ҳукумати раҳбари учрашди
    Мирзиёев Покистон ҳукумати раҳбари учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида ўтаётган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 78-сессияси доирасида Покистон бош вазири вазифасини бажарувчи Анвар ул-Ҳақ Какар билан учрашди.

Музокараларда Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мирзиёев имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товар айирбошлашни ошириш учун қулай шароитларни яратиш ишларини давом эттириш муҳимлигини таъкидлади.

Минтақавий хавфсизликни таъминлаш юзасидан, шу жумладан Афғонистондаги вазиятнинг ривожланиши нуқтаи назаридан фикр алмашилди. Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалда илгари суриш борасида биргаликда ҳаракат қилиш муҳим экани қайд этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга билан учрашув ўтказди.

Ушбу учрашувда хусусийлаштириш ва самарали давлат бошқаруви соҳаларида банкнинг экспертлик ва техник кўмагини кенгайтириш, карбонсизлаштириш, муқобил энергетика, инфратузилма ва коммуникациялар, сув таъминоти бўйича лойиҳаларни молиялаштириш ва уларга хусусий инвестициялар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида жалб қилиш ҳамда Трансафғон темир йўлини қуриш каби стратегик ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, АҚШнинг йирик компаниялари раҳбарлари, Citigroup ва Boston Consulting Group компаниялари етакчилари ва ФИФА раҳбари билан учрашди ва музокаралар олиб борди.

Шу билан Ўзбекистон раҳбари Ўз ташрифини якунлаб, кеча оқшом Ўзбекистонга жўнаб кетди.

Ёрлиқ