Танзила Норбоева Жанубий Корея бош вазири билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Жанубий Кореяда бўлиб турибди.
Танзила Норбоева Жанубий Корея бош вазири Хан Док Су билан учрашди. Мулоқотда Ўзбекистон ва Жанубий Корея ҳамкорлигининг кенг доираси, жумладан, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва ижтимоий соҳалардаги муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги, Корея Эксимбанки ва унинг фондлари билан самарали ҳамкорлик натижасида улар билан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий портфели 3 миллиард доллардан зиёдни ташкил этгани алоҳида қайд этилди.
Суҳбат чоғида Иқтисодий ривожланиш бўйича ҳамкорлик жамғармаси (EDCF) билан биргаликда тиббиёт ва фармацевтика кластерини ташкил этиш, электроника маҳсулотлари ва ярим ўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича Ўзбекистон-Корея кластерини яратиш ва бошқа лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Жанубий Корея бош вазири кун тартибининг барча долзарб йўналишлари бўйича икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича янги конструктив таклифларни фаол ишлаб чиқиш тарафдори эканини таъкидлади.
Учрашув якунлари бўйича қамрови жиҳатидан кенгайиб бораётган икки томонлама мулоқотни амалий мазмун билан янада бойитишга келишиб олинди.