Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари олти ойдан бери кетма-кет камаймоқда
(last modified Sat, 14 Oct 2023 17:07:57 GMT )
октябр 14, 2023 22:07 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари олти ойдан бери кетма-кет камаймоқда
    Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари олти ойдан бери кетма-кет камаймоқда

1 октябрь ҳолатига захиралар 31,04 млрд долларгача қисқарган.

Марказий банк Ўзбекистоннинг халқаро валюта захираларига оид маълумотлар берди. Унга кўра, 1 октябрь ҳолатига, Ўзбекистоннинг расмий захиралари 31,04 млрд долларни ташкил қилди. Бу – 2020 йил 1 апрелдан буён қайд этилган энг минимум кўрсаткичдир. 

Захиралар ўтган ойга нисбатан деярли 1,65 млрд долларга, йил бошидан бери эса 4,7 млрд долларга камайди.

Ҳисобот даврида олтиннинг физик ҳажми 12,1 млн троя унциядан 12,3 млн троя унцияга кўпайган бўлса-да, қиймати 23,43 млрд доллардан 23,05 млрд долларга камайган. Бу асосан жаҳон молия бозорида олтин нархи арзонлашиши билан боғлиқ. Хусусан, 1 сентябр ҳолатига 1 унция олтин баҳоси 1939 долларни ташкил этган бўлса, бу 29 сентябр ҳолатига 1848 долларгача пасайган.

Сентябр ойида олтин нархи пасайишининг асосий сабабларидан бири АҚШ Федерал резерв тизимининг қаттиқ ушлаб турилган пул-кредит сиёсати билан боғлиқ. Бундай ҳолатларда АҚШ давлат облигацияларининг потенциал инвесторлар учун жозибадорлиги ошади, олтин сотиб олишга бўлган қизиқиш эса пасаяди.

World Gold Council маълумотларига кўра, жорий йилнинг дастлабки 8 ойи давомида Ўзбекистон Марказий банки 46 тонна олтин сотган. Бу даврда 25 тонна олтин сотиб олинган. Мамлакат захираларининг катта қисми олтинда сақланиши инобатга олинса, ушбу қимматбаҳо металл нархлари ўзгариши захира активларининг умумий миқдори ўзгаришига жиддий таъсир ўтказади.

Шунингдек, сентябрь ойида хорижий валюта захиралари 8,7 млрд доллардан 7,4 млрд долларга камайган. Бу Ўзбекистоннинг валютадаги активлари миқдори эълон қилина бошланган 2018 йилдан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Ўзбекистон халқаро захираларининг мамлакат импортини қоплаш даражаси 2020 йилда 16 ойни, 2021 йилда 15 ойни ташкил қилган бўлса, айни пайтга келиб мазкур кўрсаткич 10 ойгача қисқарди.