Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон туризм ташкилоти бош котиби билан учрашди
Бутунжаҳон туризм ташкилоти юбилей сессиясининг асосий якунларини амалга ошириш учун қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябр куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказиш доирасида мамлакатда бўлиб турган БМТ тизимидаги ушбу етакчи тузилманинг бош котиби Зураб Пололикашвилини қабул қилди.
Ўзбекистон туризм салоҳиятини ошириш бўйича БМТнинг ихтисослаштирилган институти билан кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
“Ипак йўлида туризм” брендини кенг ёйиш, жумладан, туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизга туризм йўналишларини оммалаштириш, малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги қўшма саъй-ҳаракатлар юқори баҳоланди.
Мамлакатда ЮНВТО Бош ассамблеясининг юбилей сессияси ўтказилиши, унинг доирасида Самарқанд шаҳрида Халқаро туризм академияси ва “Ипак йўли” тематик офисининг очилиши ҳамкорликнинг муҳим амалий натижалари бўлди.
Форумда дунёнинг 140 дан ортиқ мамлакатидан юқори даражали делегациялар иштирок этаётгани глобал ва минтақавий туризм марказларидан бири сифатида Ўзбекистонга бўлган қизиқиш ортиб бораётганидан далолат экани таъкидланди.
Учрашув якунида юбилей сессиянинг асосий якунларини амалга ошириш учун қўшма “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.