Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлайди
(last modified Sat, 28 Oct 2023 12:54:23 GMT )
октябр 28, 2023 17:54 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлайди
    Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлараро ҳамкорликни мустаҳкамлайди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қозоғистон Парламенти Мажилиси ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг Низоми имзоланди.

26 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Қозоғистон парламенти Мажилиси раиси Ерлан Кошанов бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди. 

Мулоқот чоғида делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифалар, унинг доирасида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда Қонунчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон-Қозоғистон ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва уни янги мазмун билан бойитиш, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.

Кошанов икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлган парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.

Йиғилишда шунингдек, Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Қозоғистон парламенти Мажилиси ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик кенгашининг Низоми имзоланди.

Шу куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Қозоғистон парламенти Мажилиси ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик бўйича Кенгашнинг биринчи йиғилиши ҳам бўлиб ўтди.

Унда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар, экология, энергетика ва сув ресурслари ва бошқа соҳалардаги алоқалар кўламини тобора кенгайтириб бориш лозимлиги қайд этилиб, мазкур йўналишда устувор вазифалар белгилаб олинди.