Эммануэль Макрон Ўзбекистонга келади
(last modified Sun, 29 Oct 2023 07:33:48 GMT )
октябр 29, 2023 12:33 Asia/Tashkent
  • Эммануэль Макрон Ўзбекистонга келади
    Эммануэль Макрон Ўзбекистонга келади

Франция президенти Эммануэль Макрон 1 ва 2 ноябрь кунлари Қозоғистон ва Ўзбекистонга расмий ташриф билан келади.

Франция президенти Эммануэль Макрон 1 ноябрь куни Қозоғистонга, 2 ноябрь куни эса Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда Елисей саройининг расмий коммюникесида маълум қилинди.

«Ушбу ташриф Марказий Осиёнинг ушбу икки давлати билан муносабатларни чуқурлаштириш контекстида амалга оширилмоқда», — дейилади коммюникеда.

Франция икки давлатнинг ислоҳотлар борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, ҳамкорликни диверсификация қилишга ёрдам беради, уларнинг мустақиллиги ва суверенитетини, шунингдек, Европа билан алоқаларни мустаҳкамлаш истагини қўллаб-қувватлайди, дея таъкидлади Макрон маъмурияти.

«Франция ва бу икки давлат ўртасидаги яқинлашув иқтисодий соҳада, хусусан, энергетика, муҳим хомашё етказиб бериш, транспорт инфратузилмаси, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат мустақиллиги ва ҳатто мудофаа соҳасида амалга оширилмоқда», — дея таъкидлади Елисей саройи.

Ташрифлар давомида Франция компаниялари иштирокидаги иқтисодий форумлар ўтказилиши режалаштирилган.

«Франция, шунингдек, жиддий глобал муаммолар, жумладан, экологик муаммолар, айниқса, сув ресурсларини бошқариш ва озиқ-овқат хавфсизлиги нуқтаи назаридан минтақа давлатлари билан ҳамкорлик қилади», — дейилади коммюникеда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрь ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташриф билан борган эди.